Линклар

Шошилинч хабар
18 май 2024, Тошкент вақти: 19:56

Халқаро Жиноят суди Исроил раҳбариятини ҳибсга олишга ордер бериши мумкин


Исроил-Фаластин можароси.
Исроил-Фаластин можароси.

Ғазодаги уруш юзасидан халқаро ҳамжамиятнинг босими кучайиб борар экан, Халқаро жиноят суди Исроил раҳбариятини ҳибсга олиш учун ордер бериши мумкинлиги борасида хавотирлар пайдо бўлди.

Душанбага ўтар кечаси Рафаҳ шаҳридаги касалхонага уюштирилган ҳаво ҳужумларида 25 киши ҳалок бўлди.

"Ассошиэйтед Пресс" агентлигининг хабар беришича, ўлганлар орасида тўққиз аёл ва беш нафар бола бор, улардан бири атиги 5 кунлик чақалоқ бўлган. Исроил шаҳарга бостириб киришни режалаштирмоқда. Бироқ Исроилнинг АҚШ доҳил яқин иттифоқчилари ҳужум ҳаракатлари Рафаҳдан бошпана топган бир миллиондан ортиқ фаластинликлар учун фалокатга олиб келишини айтиб, ҳужум қилмаслик ҳақида бир неча бор огоҳлантирган.

Айни дамда ХЖС 2014 йилги Исроил-Фаластин урушида содир этилган ҳарбий жиноятларни, шунингдек Исроилнинг босиб олинган Фаластин ҳудудида турар-жойлар қурганини ҳам текширмоқда.

Исроил ташқи ишлар вазири Исраэл Кац агар ХЖС ордер бергудек бўлса, бу ҲАМАС ва бошқа жангари гуруҳларга «маънавий қувват беради», дея иддао қилди.

АҚШ Исроилни Ғазонинг тинч аҳолисини ҳимоя қилишга чақирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:59 0:00


Бош вазир Бенямин Нетаняху Исроил "Халқаро жиноят судининг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини бузиш» айбловини ҳеч қачон қабул қилмаслигини" айтди.

"Яқин Шарқдаги ягона демократик давлат ва дунёдаги ягона яҳудий давлатининг аскарлари ва амалдорларини қўлга олиш таҳдиди ғоятда ғалати. Биз буни қабул қилмаймиз", — деб ёзди Нетаняху ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Сўнгги кунларда Исроилнинг Ғазога инсонпарварлик ёрдамини кўпроқ киритишга рухсат бериши қисман ХЖСнинг эҳтимолий ҳаракатларини тўхтатишга қаратилган бўлиши мумкин.

На Исроил, на Қўшма Штатлар ХЖС юрисдикциясини қабул қилган, аммо ҳибсга олиш ордери Исроил расмийларини бошқа мамлакатларда ҳибсга олиш хавфи остида қолдириши тайин.

Алоҳида орган ҳисобланмиш Халқаро Адлия Суди Исроил Ғазода давом этаётган урушда геноцид ҳаракатларини содир этган ёки йўқлигини текширмоқда. Исроил қонунбузарлик ҳақидаги айбловларни рад этиб, ҳар икки халқаро судни ҳам нохолисликда айблади.

Исроил ҲАМАСни урушга сабаб бўлган 7 октябрдаги ҳужумда геноцид содир этганликда айблади. Ўшанда жангарилар Исроил жанубидаги ҳарбий базалар ва уйларга бостириб кириб, 1200 га яқин одамни, асосан тинч аҳолини ўлдирган, 250 га яқин одамни гаровга олган эди.

Бунга жавобан Исроил ҳаводан, денгиздан ва қуруқликдан йирик ҳужум бошлади. Исроилнинг шафқатсиз бомбардимонлари оқибатида 34 488 фаластинлик, асосан аёллар ва болалар ҳалок бўлди. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, тинч аҳоли ва жангчилар ўртасида фарқ қилмайди.

Ҳамас жангарилари зич аҳоли турар жойларидан туриб жанг қилар экан, Исроил тинч аҳоли орасидаги ўлимни ҲАМАСга тўнкайди. Исроил 12 000 дан ортиқ жангариларни йўқ қилганини даъво қилмоқда, аммо бунга ҳеч қандай далил келтирмаган.

Уруш анатомияси: Араб-Исроил урушлари, Исроил-Фаластин зиддияти тарихи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:29:23 0:00


Уруш 2,3 миллионлик Ғазо аҳолисининг қарийб 80 фоизини уйларини ташлаб чиқишга мажбур қилди, бир қанча шаҳарлар вайрон бўлди ва Ғазо шимолидаги аҳоли очарчилик ёқасида қолди.

Исроил Рафаҳда минглаб жангарилар жойлашганини айтиб, 1 миллиондан ортиқ фаластинликлар бошпана топган шаҳарга ҳужум қилишни кўзламоқда.

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти бу ҳаракат йирик инсоний фалокатга олиб келиши мумкинлигини айтиб, Исроилни Рафаҳга бостириб кирмасликка чақирди.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Саудия Арабистонида бошланган минтақага сафари доирасида Исроилга ҳам ташриф буюриши кутилмоқда. Унинг сўзларига кўра, Исроил Ғазога кўпроқ инсонпарварлик ёрдами киришига рухсат бериши керак, аммо гуманитар инқирозни юмшатишнинг энг яхши йўли икки томоннинг ўт очишни тўхтатиш бўлади.


АҚШ, Миср ва Қатар Исроил ва ҲАМАСни гаровга олинганларнинг бир қисмини озод қилиш ва ҳеч бўлмаганда вақтинчалик сулҳни қабул қилишга ундамоқда. Сўнгги маҳбуслар алмашинувидан сўнг, Ҳамас 100 га яқин асир ва яна 30 га яқин одамни гаровда ушлаб турган деб ишонилади.

ҲАМАС урушни тўхтатиш бўйича келишув бўлмаса, қолган гаровдагиларни озод қилмаслигини билдирди. Нетаняху бу талабни рад этиб, Исроил ҲАМАС йўқ қилинмагунча ва барча гаровга олинганлар қайтарилмагунча ҳужумларини давом эттиришини таъкидлади.

Форум

XS
SM
MD
LG